Қирғизистонда Ўзбекистондан келиб ишлаётганлар кўпаймоқда
Описание
Қирғизистонда сўнгги 2-3 йилда Ўзбекистондан келиб ишловчи мигрантлар сони кескин кўпайиб кетган. Бунга Қирғизистондаги турмуш тарзининг яхшироқлиги ва чегарадан ўтишнинг енгиллаштирилгани асосий сабаб сифатида кўрилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, 2018 йили 100 минг атрофидаги ўзбекистонлик Қирғизистонга бориб ишлаган. Мутахассислар бу рақамлар аслида 200 мингдан кўплигини айтишади.
2014 йилги расмий маълумотларда бу рақам 17 минг сифатида кўрсатилган. Ўзбек мигрантлари сонининг ортиши Ислом Каримов вафот этган 2016 йилда кузатилган. Қирғизистон парламенти Умбетали Қидиралиев маълумотларига кўра, ўша йили 55 минг мигрант ишлаш учун келган.
Рақамларнинг ортиб бориши ҳатто Қирғизистон парламентида муҳокама қилинган. Депутатлар арзон иш кучининг кўпайиши маҳаллий аҳоли орасида ишсизликни кучайтиришидан хавотир билдиришган.
Қирғизистон парламенти "Ата-журт" фракцияси вакили, депутат Умбетали Кидиралиев 2018 йилнинг ноябр ойи сўнггида ўзбек мигрантларига патент жорий қилишни таклиф қилган.
У ўзбекистонлик муҳожирларнинг кўпайиши Қирғизистондаги ишсизлик муаммосини янаям чуқурлаштираётганига урғу бериб улардан тўлов ундириш таклифини киритган.
"Азаттык медиа" журналисти Санжар Эралиев бир неча йиллардан буён Қирғизистондаги ўзбекистонлик муҳожирлар мавзусини ёритиб келади.
У Ўзбекистонлик мигрантлар маҳаллий аҳолига нисбатан арзонроқ ва шу билан бирга тажрибалироқ ишчи кучи эканлигини айтади.